Япониялик курашчилар учун маҳорат дарслари қизғин давом этмоқда

Япониялик курашчилар учун маҳорат дарслари қизғин давом этмоқда

Курашнинг тарихий заминида Япония терма жамоаси учун ташкил этилган бир ҳафталик ўқув-машғулот йиғини қизғин руҳда давом этмоқда. 

Бугун 10 август куни ҳам машғулотлар Халқаро Кураш институтининг энг тажрибали экспертлари бошчилигида ўтказилди.

Куннинг биринчи ярмида япониялик спортчилар Кураш усуллари бўйича амалий машғулотларда иштирок этишди. Мураббийлар уларга курашнинг техник қоидалари, самарали тактикалари ва куч ишлатишнинг муҳим жиҳатларини батафсил тушунтириб беришди. Курашчилар бу машғулотларда ўз кўникмаларини янада такомиллаштириб, янги билимларга эга бўлишди.

Машғулотларнинг иккинчи қисми эса ҳакамлик қоидалари ва баҳолаш мезонларига бағишланди. Мазкур маҳорат дарси Халқаро Кураш институтининг Ўқув бўлими бошлиғи, халқаро тоифадаги тажрибали ҳакам, профессор Ким Эуржунг томонидан ўтказилди. У япон мутахассислари ва курашчиларига баҳсларда очко бериш, жарималар қўллаш, турли вазиятларни баҳолаш каби ҳакамликнинг барча нозик жиҳатларини назарий ва амалий мисоллар орқали кўрсатиб берди. Бу эса уларнинг нафақат спортчи сифатида, балки ҳакамлик соҳасида ҳам билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Япониялик  ҳамкасблар машғулотлар давомида кураш бўйича олаётган чуқур билим ва кўникмалар ўз мамлакатларида ушбу спорт турининг ривожи учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашмоқда.