
Япония терма жамоаси вакиллари учун махсус маҳорат курси бошланди
Бу бир ҳафталик ўқув-машғулот йиғини 8–14 август кунлари Халқаро Кураш институти томонидан Халқаро Кураш Ассоциацияси ва Япония Кураш Федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Маҳорат курсининг расмий очилиш маросими бугун, 9 август куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси кураш залида бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, ЎзДЖТСУ проректори Шукуржон Газиев, Халқаро Кураш Ассоциацияси Бош котиби Ризо Нассири, Халқаро Кураш институти ректори Хабибулла Таджиев ва проректори Комил Мухаммадиев, IKI профессор-ўқитувчилари Ким Эуржунг, Ризомат Солиев, Нуриддин Чоршамиев, Феруз Бобомуродов, Шухрат Курбонов, шунингдек, Япония Кураш Федерацияси вакиллари, экспертлар ва курашчилар иштирок этишди.
"Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги алоқалар нафақат спорт майдонида, балки маданий қадриятларимизда ҳам мустаҳкам. Кураш ва дзюдо каби спорт турлари бизни янада яқинлаштиради. Бу икки қадимий кураш турида нафақат жисмоний куч, балки ахлоқ, ҳурмат ва интизом ҳам муҳим ўрин тутади. Бугунги машғулотлар эса япон дўстларимизга курашнинг нозик жиҳатларини ўрганиш билан бирга, икки халқнинг азалий қадриятларини ҳис қилишга ҳам имкон беради," - деди ўз сўзида Шахрилло Шарипович.
Ушбу машғулотлар япониялик мутахассислар ва курашчиларнинг тажриба ва малакасини оширишга қаратилган бўлиб, уларни Халқаро Кураш институтининг энг тажрибали мураббийлари олиб борадилар.
Мазкур бир ҳафталик дастур кунчиқар давлатдан ташриф буюрган кураш усталари учун Кураш усуллари гуруҳидан ўрин олган барча техник қоидалар бўйича интенсив машғулотлар ҳамда ҳакамлик қоидалари ва баҳолаш мезонлари бўйича назарий ва амалий билимларни оширишни ўз ичига олади.









