Халқаро кураш институтида навбатдаги ишчи йиғилиш бўлиб ўтди

Халқаро кураш институтида навбатдаги ишчи йиғилиш бўлиб ўтди

Унда Институт раҳбарияти, бўлим бошлиқлари ва масъул ходимлар иштирок этди. Учрашувда Кураш бўйича Жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда жорий йил якунига қадар мўлжалланган йирик таълим лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилиш кун тартибининг марказий мавзуларидан бири — мураббийларга «А» тоифали халқаро лицензия аккредитациясини беришга қаратилган 3 ойлик онлайн ўқув курси дастури бўлди. Мутахассислар томонидан ушбу курснинг назарий ва амалий ўқув дастурларини такомиллаштириш, унинг якуний бир ҳафталик оффлайн босқичини юқори савияда ташкил этиш ҳамда тегишли техник-ташкилий асосларини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ режалар аниқлаб олинди.

Бундан ташқари, йиғилишда саноқли кунлардан сўнг Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Кураш бўйича жаҳон чемпионати доирасида ўтказилиши режалаштирилган халқаро ҳакамлик ва мураббийлик семинарларини юқори ташкилий ва методик даражада ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, IKAнинг навбатдаги Конгресси учун комплекс ҳисобот материалларини тайёрлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Муҳокамалар жараёнида соҳани истиқболли ривожлантириш мақсадида 2027 йилга мўлжалланган халқаро семинарлар ва таълим тадбирларининг ягона тақвимини пухта ишлаб чиқиш ҳамда соҳа мутахассислари учун кенг имкониятлар ва зарур шароитларни яратишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.