Қўҳна Самарқандда кураш бўйича Республика чемпионати старт олди: Халқаро ҳакамлар малака оширмоқда!
Бугун, 12 декабрь Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасидаги Кураш бўйича Республика чемпионати бошланди.
Самарқанд – нафақат тарихий ёдгорликлар маскани, балки буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг аждодлари хоки ётган шаҳардир. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур моҳир жангчи ва полвон бўлган, унинг қўшинида эса жисмонан бақувват, маҳоратли полвонлар юксак қадрланган. Айнан мана шундай муҳитда миллий қадриятимиз бўлган Курашнинг Республика миқёсидаги йирик чемпионатининг ўтказилиши чуқур рамзий маънога эга.
Чемпионат доирасида, Кураш ҳакамлари учун халқаро ўқув-амалий семинарининг асосий, амалий қисми ҳам бўлиб ўтди.
Унда Эрон, Ҳиндистон, Хитой Тайпейи, Вьетнам, Япония, Таиланд, шунингдек, қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан келган хорижий ҳакамлар иштирок этмоқда. Семинар иштирокчилари беллашувларда ҳакамлик қилиш орқали ўз малакаларини амалда синовдан ўтказдилар.
Республика чемпионатида Халқаро кураш институти ректори Ҳабибулла Таджиев, Халқаро кураш ассоциацияси Бош котиби Ризо Нассири, Халқаро кураш ассоциацияси Администрация раҳбари Мансур Мирзаев, Ўзбекистон кураш федерацияси Бош котиби Алишер Эшонқулов, Халқаро кураш институти Ўқув бўлими бошлиғи Ким Эур Жунг ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.










