Онлайн мураббийлик курси
Халқаро Кураш институти томонидан ўтказилаётган «А» тоифали лицензия аккредитацияси учун онлайн мураббийлик курсининг навбатдаги — 3-машғулоти Zoom платформаси орқали бўлиб ўтди.
Онлайн курснинг ушбу дарси Халқаро Кураш ассоциацияси Бош котиби ва Институтнинг илмий бўлими бошлиғи Ризо Нассири бошчилигидаги маъруза билан бошланди. Маърузада "Замонавий Кураш мусобақаларини ташкил этиш" мавзуси атрофлича ёритиб берилди. Унда спортчиларнинг вазнини ўлчаш тартиби, мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш жараёни ва гилам ортидаги одоб-ахлоқ ҳамда тартиб-қоидалар муҳокама қилинди.
Дастурнинг навбатдаги бўлими "Кураш тарихи ва бугуни" мавзусидаги дарсликка бағишланди. Ушбу мавзуда Халқаро Кураш ассоциацияси президенти вазифасини бажарувчисининг маслаҳатчиси Умид Якубов маъруза қилиб, иштирокчиларга курашнинг ривожланиш босқичлари ва бугунги кундаги ўрни ҳақида қимматли маълумотларни етказди.
Назарий қисмдан сўнг дастур амалий машғулотлар билан давом этди. Институтнинг кураш бўйича экспертлари Шуҳрат Қурбонов ва Олим Равшановлар бошчилигида Кураш усулларининг «Бардор» ва «Чил» гуруҳи техник қоидалари амалий машқлар орқали кўргазмали тарзда намойиш этилди. Иштирокчилар ушбу техник ҳаракатларни тўғри бажариш ва уларни амалиётда қўллаш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Курс машғулотлари давом этмоқда.




