Курснинг якуний босқичи ва "Kurash Today" илмий-амалий журнали муҳокама этилди
Уч ойлик онлайн курснинг якуний ва масъулиятли босқичи арафасида Халқаро кураш институтида муҳим йиғилиш бўлиб ўтди.
Хабар берганимиздек, Кураш мутахассислиги бўйича Уч ойлик онлайн курснинг 4-гуруҳи учун бир ҳафталик интенсив амалий машғулотлар ва якуний имтиҳонлар яқинлашмоқда.
Шу муносабат билан, кеча Халқаро кураш институтининг Тошкент шаҳар Олимпия шаҳарчасидаги янги биносида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Мажлисга институт ректори Ҳабибулла Таджиев раислик қилди. Унда институтнинг барча масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда Халқаро кураш ассоциацияси Бош котиби Ризо Нассири ва Халқаро кураш ассоциацияси Администрация раҳбари Мансур Мирзаев иштирок этди.
Муҳокама қилинган асосий масалалар, хусусан, 23-29 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган якуний амалий босқичга тайёргарлик, жумладан, ташкилий ишлар, назарий ва амалий машғулотлар, логистика ва хавфсизлик чоралари муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, Кураш Ватани марказида ташкил этиладиган ушбу якуний амалий босқичда Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Малайзия, Жанубий Африка, Миср каби 15 дан ортиқ мамлакатдан 40 нафардан зиёд бўлажак кураш мутахассисларининг иштироки кутилмоқда.
Синов босқичи Халқаро кураш ассоциацияси ва Халқаро кураш институтининг тажрибали экспертларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.
Мажлисда нашрга тайёрланаётган "Kurash Today" илмий-амалий журналининг ҳайъат аъзоларини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Бу журнал кураш спортининг илмий-услубий асосларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Йиғилиш якунида, муҳокама қилинган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди ва масъул шахсларга аниқ вазифалар юклатилди. Курснинг якуний босқичини халқаро андозаларда ўтказиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.