
Кураш бўйича янги ўқув материаллари ишлаб чиқилмоқда
Халқаро кураш институтида янги ўқув материалларини ишлаб чиқишга бағишланган мажлис бўлиб ўтди. Институт ректори Ҳабибулла Таджиев раҳбарлигида ўтган йиғилишда Халқаро кураш ассоциацияси Бош котиби Муҳаммад Реза Нассири, институт проректори Комилжон Муҳаммадиев ва етакчи мутахассислар иштирок этдилар.
Муҳокама марказида "Кураш Ҳаками" - кураш бўйича ҳакамлар учун ўқув-қўлланмаси, ёш курашчиларни тайёрлашга мўлжалланган "Кураш Усулларини ўрганиш методикаси" шунингдек, кураш бўйича бошқа ўқув қўлланмаларни тайёрлаш ва нашр этиш масалалари бўлди.
Жаноб Реза ўзининг кўп йиллик тажрибаси ва чуқур билимига асосланиб, материалларни ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар берди. У кураш қоидаларини барча учун содда ва тушунарли қилиб етказиш учун қўлланмаларнинг айрим жиҳатларини чуқур ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Янги ўқув материаллари кураш бўйича мутахассисларнинг малакасини оширишга, шунингдек, ушбу спорт турини кенг жамоатчилик учун янада оммабоп ва жозибадор қилишга хизмат қилади.




